Лаборатория тарихи
Молекуляр биофизика лабораторияси 1977 йил ЎзР ФА Биокимё институти қошида проф. Зиряк Умаровна Бекмухаметова томонидан ташкил қилинган. Лабораториянинг илмий йўналиши транспорт АТФ-азаларининг гормонал бошқарилиши, биологик фаол моддаларнинг Na+/K+ -АТФ-аза ферменти фаоллигига таъсирини ўрганиш бўлган. 1985 йил ЎзР ФА Физиология институти ва ЎзР ФА Биокимё институти Биофизика бўлимини бирлашиши натижасида, лаборатория янги ташкил этилган ЎзР ФА Физиология ва биофизика институтида фаолият кўрсатди. Молекуляр биофизика лабораториясига 1993-1998 йй. давомида проф.Альберт Иванович Гагельганс мудирлик қилди. Шу йилларда лаборатория илмий йўналиши биоэнергетика, митохондрия функциялари ва уларга биологик актив моддаларнинг таъсир механизмларини ўрганишга ўзгарди. 1998 йилдан лабораторияга М.И.Асраров мудирлик қилади. 2012 йил ЎзР ФА Физиология ва биофизика институти тугатилиб, лаборатория ЎзР ФА Биоорганик кимё институти таркибига киритилди. 2018 йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Биофизика ва биокимё институти ташкил қилинди. Институтда молекуляр биофизика лабораторияси қайта ташкил қилинди. Лаборатория мудири этиб биология фанлари номзоди, катта илмий ходим Эргашев Нурали Аъзамович тайинланди.
Лабораториянинг асосий илмий йўналишлари:
· Митохондрия мембранаси орқали ионлар ва метаболитлар ташилишининг молекуляр механизмларини ўрганиш;
· Организмга биологик фаол бирикмаларнинг (ўсимлик препаратлари, ксенобиотиклар, доривор воситалар) митохондрия функционал параметрларига таъсир механизмларини ўрганиш;
· Турли патологик ҳолатларда митохондрия мембраналаридаги функционал ўзгаришларни ўрганиш, патологиядаги мембранавий бузилишларни ўсимлик моддалари ёрдамида коррекция қилиш.
Лабораториянинг асосий илмий натижалари:
Лаборатория биологик фаол моддаларни молекуляр даражада мембраналар функциясига таъсир қилиш механизмларини ўрганиш бўйича катта тажрибага эга. Ҳужайра органеллалари ва бошқа биологик мембраналарнинг функционал ҳолатини белгилашнинг бир қатор услублари ўзлаштирилган, биологик фаол моддаларнинг биомембраналардаги мембранавий активлигини баҳоловчи комплекс система ишлаб чиқилган. Турли биологик моддаларнинг, хусусан, фармпрепаратлар, гормонлар, пестицидлар, алкалоидларнинг мембранотроп таъсир қилиш механизмлари ўрганилган.
Лабораторияда каламуш жигари митохондрияларидаги Са2+ иони транспортини бошқаришнинг айрим йўллари ва турли биологик фаол моддаларнинг Са2+-транспортига таъсир механизми ўрганилган. Глициррет кислотаси, сальсолидин ва гептаноилсальсолидин Са2+-ионофор хусусиятига эгалиги, ундецилпипередин оксидланишли фосфорилланишни парчаловчи кучли протонофор эканлиги биринчи бор кўрсатилган.
Организмни оғир металл тузлари билан заҳарланишида митохондрия мембранасидаги ЦсА-сезгир поранинг, АТФ га боғлиқ калий каналнинг функционал ҳолати ўзгариши ва Н+, К+, Na+ катионлари учун пассив ўтказувчанликни ортиши аниқланди. Оғир металл тузлари таъсирида мембранадаги ўзгаришларни бартараф этиш учун гепамал моддасини тавсия этиш мумкинлиги аниқланди. Токсик гепатит шароитида гепатотоксинларнинг Са2+-боғлиқ мегаканалга шикастловчи таъсирини бартараф қилишда фойдаланиш мумкин бўлган биологик бирикмалар аниқланди.
Пестицидларнинг (гербицидлар, инсектицидлар, фунгицидлар, дефолиантлар ва оғир металл тузларининг) ҳайвон ҳужайралари энергетикасига, Са2+-транспорт тизимига ва мегапора ҳолатига таъсир механизмлари ўрганилди. Митохондрия мембранасидаги Са2+ -га боғлиқ ЦсА-сезгир пора тиреоид гормонлар таъсирида in vivo ва in vitro шароитларида, ҳамда цитоплазматик медиатор иштирокида очиқ ҳолатга ўтиши биринчи бор кўрсатилди. Митохондрия мембранасидаги циклоспорин А-сезгир пора ҳолатига протопин, 1-О-бензоилнапеллин, зонгорин, ораксилин А, кверцетин, лютеолин, апигенин сальвифолин ва флатерон кичик концентрацияларда эффектив таъсир қилиши аниқланган. Шунингдек, 1-О-бензоилнапеллин и зонгорин алкалоидлари каламуш жигари митохондриялари АТФ га боғлиқ калий канали активатори эканлиги биринчи бор кўрсатилди.
Аллоксан диабет шароитида Rhodiola Semenovii A (тилла илдиз) ўсимлигидан тайёрланган гликоразмулин ва Pulicaria salviifolia ўсимлигидан (коврак) ажратилган сальвифолин дитерпеноидининг митохондрия мембранаси ион транспорт тизимларига, митохондрия мегаканалига коррекцияловчи таъсир этиши аниқланди.
Натижаларнинг амалий тадбиқи
- Глицирризин кислотаси ва глициррет кислотасининг бир қанча ҳосилалари каламуш жигари митохондрияларига протектор таъсир этиши, липидларнинг перекисли оксидланишини ва Са2+ ионларининг митохондрия мембранасига шикастловчи таъсирини камайтириши кўрсатилди. Ушбу бирикмалар асосида маҳаллий хом-ашёдан фойдаланган холда янги гепатопротектор доривор воситалар яратилиши мумкин.
- “Биофизика” курсини ўқитиш учун мультимедия қўлланмаси яратилди. «Биофизика» курси ҳозирда университетларнинг барча биология факультетларида, педагогик, тиббиёт ва қишлоқ ҳўжалиги йўналишидаги институтларда ўқитилади. Мазкур мультимедияли қўлланма биофизиканинг молекуляр биофизика, ҳужайра биофизикаси ва мураккаб тизимлар биофизикаси каби бўлимлари бўйича расмлар, чизмалар, жадваллар, формулалар ва қисқа матнлар кўринишидаги материалларни ўз ичига олади. «Биофизика” мультимедиа қўлланмаси “Биофизика” курси ўқитиладиган давлат университетларида, Тошкент тиббиёт академияси, тиббиёт йўналишидаги институтлар, қишлоқ ҳўжалиги йўналишидаги институтларда қўлланиши мумкин.
- Ҳужайра биофизикаси ва электрофизиология лабораториялари билан ҳамкорликда, Vipera lebetina гюрза илони заҳари асосида оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши таъсирларга эга бўлган “Випротон” суртма малҳами ишлаб чиқариш технологияси яратилди (Патенты РУз № 3333 , №3337).
- ЎзР ФА бир қанча илмий-тадқиқот институтлари ва ҳужайра биофизикаси лабораторияси билан ҳамкорликда чаён заҳарлари токсинлари ва бакуловируслар асосида экологик хавфсиз биоинсектицидлар олиш технологияси ишлаб чиқилди.
Режалар
Митохондрия мембранасидаги жойлашган ион каналларини тадқиқ қилиш, ионлар ва метаболитлар ташилишининг молекуляр механизмларини ўрганиш;
Турли патологик ҳолатларда митохондрия мембраналаридаги функционал ўзгаришларни ўрганиш ва мембранавий бузилишларни ўсимлик моддалари ёрдамида коррекция қилиш.
Ушбу йўналишда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш фундаментал тадқиқотларга инновация йўналишини беради ва фармацевтика саноатига ва тиббиёт амалиётига маҳаллий хом ашё асосида самарали ва хавфсиз доривор воситаларнинг тадбиқ қилишга йўл очади.
Илмий алоқалар
ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институти, ЎзР ФА ўсимликлар ва ҳайвонлар олами генофонди институти, М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номли Тошкент Давлат педагогика университети, Қарши Давлат университети билан илмий алоқалар ўрнатилган.
Ҳалқаро грантлар
1) CRDF: «The development of new neurotoxins from Arthropods Venoms of Central Asia for agricultural application» (1999-2001 гг);
2) STCU Р-114 «Population ecology systematics family Protostvongylidae-parasitics of Bovidae» (2003 – 2006 гг).
3) STCU Р-119 «Development of baculovirus-based bioinsecticide technology in Uzbekistan» (2003 – 2006 гг);
Лаборатория ходимлари:
Асраров М.И. – б.ф.д., проф.
Эргашев Н.А. – лаборатория мудири, катта илмий ходим, б.ф.н.
Абдуллаева Г.Т – катта илмий ходим, б.ф.н.
Позилов М.К. – катта илмий ходим, PhD
Комилов Э.Ж. – кичик илмий ходим
Муратова Д.Х. – кичик илмий ходим
Сайфиева Х.С. – таянч докторант
Куканова Н.С – лаборант
Лаборатория ходимлари:
1-қатор: чапдан ўнгга: Позилов М.К., Асраров М.И., Эргашев Н.А., Абдуллаева Г.Т.
2-қатор: чапдан ўнгга: Муратова Д.Х., Комилов Э.Ж., Куканова Н., Сайфиева Х.